Мазкур мақолада Pandora papers ҳужжатларида номи қайд этилган ўзбекистонлик тадбиркор Жаҳонгир Усмоновнинг фаолияти хусусида сўз борган. Журналист ўз суриштирувида қўлга киритган маълумотлар асосида собиқ сенатор, Ўзбекистон футболининг бир неча йиллик раҳбари, марҳум сенатор Мираброр Усмоновнинг ўғлига тегишли бир неча компанияларнинг занжири оффшор ҳудудларга, молиявий жиноятларга томон етаклашини айтади.$CUT$
Шунингдек, журналист тадбиркор йирик маблағларини яшириш, хориждаги офшор компаниялар ҳисоб рақамларига олиб чиқиш учун хайрия фонди("Эзгу мақсад”)дан фойдаланган бўлиши мумкинлигини билдиради.
2017 йилда ташкил этилган «Эзгу мақсад” халқаро хайрия жамоат фонди "Саховат”, "Мурувват” ва меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларида мураккаб операцияларни ўтказиш билан шуғулланиши белгиланган бўлиб, фондга бир қатор имтиёзлар берилгани маълум қилинди.
Журналист ўз суриштирувида аниқлашича, мазкур фонд ва тадбиркор Ж.Усмоновга тегишли бир неча компаниялар ўртасида миллиардлар суммалар айланган.
Бу ҳақда мақола ва махсус видеоматериал эълон қилингач, орада бир муддат вақт ўтиб, А.Содиқова уларни тармоқдан ўчирилгани ва таҳдидга учрагани ҳақида маълум қилди.
"Мен фондга интервью учун борганимдаёқ тепадагиларнинг фамилияларни айтишди. Гўё мен бу "сигнал”дан сўнг суриштирувни тўхтатаман. Бир ой изланиб, фактлар асосида материал тайёрладик ва эълон қилдик. Бироқ шеригимнинг рақамига қўнғироқ қилишиб, "тинч ҳаёт керак бўлса”, материални олиб ташлашимиз кераклигини айтишган. Шундан сўнг мақолани сайтдан олишга, Youtube саҳифасидан ўчиришга мажбур бўлдик”, деди Анора Содиқова Human.uz сайтига.
Бу воқеа кўплаб жамоат фаоллари ва журналистларни ташвишга солган. Жумладан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзининг телеграм саҳифасида ҳолатдан хавотирда эканини маълум қилган.
"Журналист Анора Содиқова атрофида бўлаётган ҳолатдан биз хавотирдамиз. Қонун устувор давлатларда ҳар қандай зиддиятли ҳолатлар (агар у бўлса) фақат суд орқали ҳал қилиниши керак. Журналистга таҳдид қилишга, умуман таҳдидларга ҳеч ким ҳақли эмас. У замонлар ўтиб кетди. Қайтаришга уринманг. Фонд бу ҳолатни кузатиб боради”, деб ёзади К.Алламжонов.
"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида "Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади”, дейилган. Шунингдек, журналистнинг шахсий даҳлсизлиги бир неча ҳуқуқий асослар билан белгилаб қўйилган.
Умид қиламизки, мазкур ҳолат тегишли органлар томонидан ўрганилиб, унга ҳуқуқий баҳо берилади.